Асосий -> Янгиликлар -> Институт янгиликлари -> 2020 йил январь-сентябрь ойларида амалга оширилган тадқиқот ишлари тўғрисида

2020 йил январь-сентябрь ойларида амалга оширилган тадқиқот ишлари тўғрисида

Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти жорий йилда статистик тадқиқот ишларини Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 686-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Давлат статистика қўмитаси раиси томонидан 2019 йил 15 ноябрда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти томонидан 2019 - 2021 йилларда амалга ошириладиган статистик тадқиқотлар дастури”га мувофиқ амалга оширмоқда.

Тасдиқланган дастурга асосан, жорий йилда 10 та мавзуда тадқиқот ишларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, институт ходимлари томонидан январь-август ойларида қуйидаги тадқиқот ишлари бажарилиб, Давлат статистика қўмитасининг тегишли тармоқ бошқармаларига тақдим этилди ва уларнинг хулосалари  олинди.

1. “Халқаро тажрибалар асосида уй хўжаликлари энергия истеъмоли кўрсаткичларини аниқлаш бўйича амалий таклифлар” мавзуси бўйича тадқиқот ишини бажаришда:

  халқаро миқёсда жаҳон энергетика соҳасидаги ривожланиш тенденциялари ва асосий йўналишлари, йирик халқаро ташкилотлар, жумладан Бирлашган миллатлар ташкилотининг Статистика комиссияси, Халқаро энергетика агентлиги, Европа иттифоқи статистика хизмати (Евростат), Жаҳон банки томонидан энергетика соҳасида келтирилган маълумотлар чуқур ўрганилди ва таҳлил қилинди;

  уй хўжаликларининг энергия истеъмоли бўйича сўровнома ўтказиш мақсадида кузатув анкетаси ишлаб чиқилди ва у асосида ҳудудий статистика бошқармалари интервьюерлари ёрдамида уй хўжаликлари томонидан энергия истеъмоли бўйича кузатув ишлари олиб борилди ҳамда натижалари асосида 12 та таҳлилий жадваллар ишлаб чиқилди;

  ўтказилган кузатувлар асосида Ўзбекистон Республикаси энергетика баланси, энергия истеъмоли бўйича мавжуд маълумотларни тўплаш тизими ҳам атрофлича ёритилиб, уй хўжаликларида энергия истеъмоли кўрсаткичларини аниқлаш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқилди.

2. “Халқаро талабларга жавоб берадиган энергия самарадорлигини аниқлаш бўйича услубий тавсиялар”мавзуси бўйича тадқиқот ишини бажариш давомида институт ходимлари томонидан шу йилнинг февраль - март ойларида Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлигида соҳа мутахассислари билан биргаликда тегишли муҳокамалар ўтказилди.

          Мазкур тадқиқот ишини бажаришда энергия самарадорлигини ҳисоблаш бўйича халқаро энергетика агентлигининг услубий тавсиялари ва хорижий давлатлар тажрибалари чуқур ўрганилди ва таҳлил қилинди. Халқаро ташкилотлар тавсиялари ва хорижий давлатлар тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда энергия самарадорлиги кўрсаткичларини ҳисоблаш методикасини жорий этиш мақсадида амалдаги статистик ҳисобот шаклларига тегишли қўшимча кўрсаткичлар қўшиш юзасидан таклифлар тайёрланди.

3. “Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмига уй хўжаликларининг ҳиссасини баҳолаш бўйича услубий тавсиялар" мавзуси бўйича тадқиқот ишини бажаришда:  

Европа статистиклар конференциясининг тавсиялари асосида капитални ва унинг асосий таркибий қисмларини ўлчашнинг замонавий ёндашувлари ва БМТнинг савдо ва тараққиёт конференцияси томонидан тайёрланган халқаро инвестициялар тенденциялари ўрганилди;   

халқаро амалиётда қабул қилинган "уй хўжаликлари инвестицияси" тушунчаси, уй хўжаликлари инвестициясини баҳолаш бўйича МҲТда тавсия этилган ёндашувлар ёритилди. МҲТ 2008 концепцияси бўйича уй хўжаликлари инвестициясининг молиявий манбалари кўриб чиқилиб, уй хўжаликлари инвестиция фаолиятини тавсифловчи муҳим таҳлилий кўрсаткичлар - жамғарма нормаси, уюшган ва уюшмаган жамғармалар ҳажми, якка тартибдаги ва жамоавий инвестицияларга тушунча берилди;

ички хусусий инвестициялар республикада иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини ҳисобга олиб, инвестициялар статистикасини такомиллаштириш ва уй хўжаликлари учун номолиявий активларга инвестициялар статистик ҳисобининг тўлиқлигини таъминлаш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди;  

шунингдек, уй хўжаликлари бюджетини кузатиш ва якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини кузатиш саволномаларига 2021 йилдан бошлаб алоҳида модул сифатида босқичма-босқич киритилиши мумкин бўлган инвестиция масалалари бўйича намунали саволлар рўйхати таклиф этилди.

4. “Ўзбекистон бўйича жами қурилиш ишлари, ҳажмини норасмий ва ноқонуний фаолиятни қўшган ҳолда ҳисоблаш бўйича таклифлар” мавзуси бўйича тадқиқот ишини бажаришда:

Давлат статистика қўмитасининг иқтисодий фаолият тури сифатида қурилиш ишлари ҳажмини аниқлаш бўйича амалда қўлланилаётган методологиясига батафсил тавсиф берилди;

Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси ва Беларус  Республикасининг ушбу соҳадаги норасмий ва ноқонуний фаолиятни ҳисобга олган ҳолда қурилиш ишлари ҳажми бўйича статистикани шакллантириш бўйича услубий тажрибаси батафсил таҳлил қилинди;

шунингдек, хорижий мамлакатлар методологиясини ўрганиш асосида бу соҳадаги норасмий ва яширин фаолиятни ҳисобга олган ҳолда қурилиш ишлари ҳажмини статистик мониторинг қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Бажарилган тадқиқот иши қурилиш соҳасидаги норасмий ва яширин фаолиятни ҳисобга олган ҳолда қурилиш ишлари ҳажмининг статистик мониторингини ташкил этиш методикасини ёзишда муҳим ёрдамчи маълумот ҳисобланади.

5. “Туризм тармоғида бандликни ҳисоблаш услублари” мавзуси бўйича тадқиқот ишини (9 та бўлим ва тегишли иловани ўз ичига олган) бажаришда:

Ўзбекистонда туризм соҳасида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини қайд этиш билан бирга, БМТнинг (ЮНВТО) туризм соҳасидаги статистика стандартлари, шунингдек, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларнинг бу соҳадаги илғор тажрибалари атрофлича кўриб чиқилди; 

жаҳон амалиётидаги туризм тармоғида бандлик бўйича асосий тушунчалар ва таърифлар берилди;

туризмда бандликни таҳлил қилишда кўп қўлланиладиган кўрсаткичлар келтириб ўтилди;

норасмий туризм секторида бандликни ҳисоблаш усуллари кўриб чиқилган ва дастлабки маълумот манбалари тавсифланди;  

туризм тармоқларида бандлик кўрсаткичини шакллантириш бўйича мамлакатимиздаги миллий ёндашув батафсил ўрганиб чиқилган ҳолда, халқаро ташкилотлар тавсиялари ва хорижий тажриба асосида кўрсаткичлар таркибини такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

          Тадқиқот иши натижалари 2021 ва ундан кейинги йиллар учун Давлат статистика ишлари дастурини шакллантириш жараёнида, шунингдек, бандлик статистикаси ва туризм бўйича статистик нашрларни тайёрлашда, ҳамда статистик тадқиқот фаолиятида қўлланилади.

6. “Ташқи савдо айланмасини ҳисоблашда экспорт ва импорт нархлари индексларидан фойдаланиш бўйича услубий тавсиялар” мавзуси бўйича тадқиқот ишини бажаришда:

  Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Белорус Республикалари статистикаси амалиётида қўлланилаётган усуллар батафсил ёритилган, шунингдек, Норвегия ва АҚШ амалиётида экспорт ва импорт даромадлари индексларидан фойдаланиш усуллари баён этилган.

  Хорижий амалиётда ташқи савдо айланмасини ҳисоблашда экспорт ва импорт нархлари индексларидан фойдаланишни статистик кузатишнинг учта усули қўлланилганлиги аниқланган:

  - тўғридан-тўғри нарх мониторинги;

  - маҳсулот бирлиги харажатларидан фойдаланишга асосланган методология (СЕТ);

  - баъзи маҳсулотлар учун нархларнинг бевосита мониторинги ва бошқалар учун СЕТ усулидан фойдаланишни бирлаштирувчи аралаш ёндашув усули.

  Тадқиқот ишида муаллифлар томонидан, республика имкониятларини ўрганиб чиқиш натижалари бўйича экспорт ва импорт операциялари нархларини бевосита кузатишга асосланган услубий ёндашувдан фойдаланишга эрта деган хулоса берилган. Шу билан бирга, бу услубиётга ўтишга босқичма – босқич тайёргарлик кўриш лозимлиги билдирилган.

  Миллий статистика амалиётида қўлланиладиган услубиёт ва хорижий мамлакатлар амалиётини ўрганиш ва таққослаш асосида ташқи савдо айланмасини ҳисоблашда келгусида экспорт ва импорт нархлари индексларидан фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Тадқиқот иши натижалари ва билдирилган тавсиялар ташқи савдо айланмасини ҳисоблашда экспорт ва импорт нархлари индексларидан фойдаланиш бўйича кўрсатмаларни тайёрлашда қўлланилади.

 7. “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича услубий тавсиялар (қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишни ўтказган давлатлар тажрибаларини инобатга олган ҳолда)” мавзусидаги тадқиқот иши 8 та бўлим ва иловаларни ўз ичига олган бўлиб, унда:

  - халқаро статистика ташкилотларининг қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ жойлари статистикасини такомиллаштириш бўйича фаолиятига шарҳ берилган, шу жумладан БМТнинг қишлоқ хўжалиги статистикасини такомиллаштириш бўйича глобал стратегиясининг асосий таркибий қисмлари кўриб чиқилган;
  - “2020 йил бутунжаҳон қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш дастури”ни амалга ошириш жараёни қисқача баён этилган;

  - қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш ишларини тартибга солувчи асосий методологик ҳужжатлар ва уларда рўйхатдан ўтказишнинг асосий услублари, мақсади ва объектларига берилган таснифлар кўриб чиқилган;

  - қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишлари ва маълумотларни қайта ишлаш жараёнида фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги рўйхатининг предметли йўналишлари, стандарт ва махсус статистик таснифлагичлар, рўйхатга олиш шаклларининг мазмуни ва дизайни бўйича тавсиялар келтирилган, шунингдек айрим мамлакатларнинг маълумотларни йиғиш бўйича турли хил ёндашувларини тавсифловчи анкеталари тақдим этилган;

  - қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишларни тартибга солувчи қонунчилик ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш бўйича алоҳида мамлакатларнинг ёндашувлари қисқача баён этилган;
  - қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнида маълумотларни йиғишнинг бевосита ва масофадан туриб йиғиш усулларининг ижобий ва салбий томонлари кўриб чиқилган;
  - рўйхатга олиш ишларининг режа-жадвали асосида молиявий режа тузиш ёндашувлари ва бюджетни оптималлаштиришнинг мумкин бўлган йўналишлари тавсифланган.
   Бундан ташқари, тадқиқот ишида 2023 йилда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишни ташкил этиш, унинг мақсадлари, вазифалари, босқичлари ва ўтказиш услуби бўйича аниқ таклифлар келтирилган.
   Тадқиқот ишининг натижалари:
  - қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг 2020 йил раундида Ўзбекистоннинг иштироки учун тегишли тадбирларни ишлаб чиқиш ва ҳужжатларни тайёрлашда;
  - Жаҳон банкининг статистик салоҳият индексида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида;
  - қишлоқ хўжалиги статистикаси бўйича маълумотларни йиғишда ва тематик нашрларни тайёрлашда;
  - тизим ходимларининг қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга доир амалий билимларини шакллантиришда ва шунингдек, Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида ўқув фаолиятида фойдаланилиши мумкин.

 

 

         Иқтисодий муаммолар бўйича статистика тадқиқотлари бўлими     

         Ижтимоий  муаммолар бўйича статистика тадқиқотлари бўлими



  • X
    Комментарий: Имя: Email:
    Введите код с картинки: